Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган.
Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида, шу жумладан, мамлакатимизда 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши
16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.
“Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остидаги тадбирлар орқали аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатларни давом эттириш зарурлигига кенг ҳамжамият эътиборини қаратиш муҳим. Акция доирасидаги турли тадбирлар, аёллар ва болаларга зўравонликдан қутулиш имконини берувчи лойиҳалар ва аёлларга нисбатан зўравонликнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш компаниялари жадал олиб борилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, аёлларга нисбатан зўравонлик – тенглик, тараққиёт ва тинчлик соҳасида юксалишга эришиш, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги тўсиқдир. Зеро, Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий тамойили – ҳеч ким унутилмаслигини таъминлашдан иборат бўлиб, унга аёлларга нисбатан зўравонликни йўқотмасдан эришиш мумкин эмас.
Кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, долзарб масалага ўзига хос, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида муқобили йўқ ечимлар таклиф этилаётгани, никоҳга, оилавий муносабатларга, фарзанд тарбиясидаги азалий анъаналарнинг ўрни ва аҳамиятига илмий асосланган йўл-йўриқлар тақдим этилаётгани, ўзоқ келажак кўзланган мақсадлар белгиланаётгани ҳам алоҳида эътиборга моликдир.
Хотин-қизларни ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга, улар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини, шу жумладан оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш жамоатчиликнинг диққат-марказидаги масалага айланди.
Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, уларни зўравонликдан ҳимоялашга қаратилган ишлар муайян вақт ва тадбирлар билан чегараланмайди.
Ўзбекистонда фуқароларни зўравонликдан ҳимоялаш, ҳар қандай зўравонликка муносиб жазо тайинлаш миллий қонунчилигимизда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан қатъий белгилаб қўйилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизга қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритиб, қонунчилик такомиллаштирилган.
Жумладан, қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик”, “таъқиб этиш” каби тушунчалар киритилиб, ушбу ҳуқуқбузарликлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланди.
Халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритган Шарқий Европа ва Марказий Осиёда Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Украинадан кейин 5-давлатга айлангани эътироф этилди.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оилавий зўравонлик жуда кенг ва комплекс муаммо ҳисобланиб, ҳудди шундай кенг ва комплекс ечимни талаб қилувчи иллатдир. Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу иллатнинг пайдо бўлиш сабабларининг чуқур тадқиқ қилиниши, унинг ечими бўйича таклифларнинг инобатга олиниши ва давлат томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг ўз самарасини беришидан умидвормиз.
Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси
Г.Байназарова
Тахтакўпир тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати